“Ўзэнергоинспекция” Жиззах ҳудудий бўлимида юртимизда бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолиятини янада такомиллаштириш масалларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда соҳа ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Бизнес юритиш-2020” ҳисоботида 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 ислоҳотчи давлати қаторидан жой олган. Бироқ жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши сезиларли даражада ортда қолаётганлигини, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар мавжудлиги сир эмас. Шунингдек, қарорда электр таъминоти тизимига уланиш йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалиётга татбиқ этилиши етарли эмаслиги натижасида “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи тегишли индикаторлари бўйича мамлакатнинг рейтингдаги ўрни пастлигича қолмоқда.

Ушбу ҳужжатга асосан 2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш харажатлари тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан кейинги бир йил давомида электр энергияси қийматига устамалар кўринишида ундириб олиш шарти билан амалга оширилиш тартиби жорий этилди.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш талаблари бекор қилинади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таркибига кирувчи ташкилотлар томонидан кучланиши 110 кВ гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг муддатларини ва энг баланд қийматларини белгилашни назарда тутувчи ягона калькуляцияси ҳам тасдиқланади.

Семинарда иштирокчиларга шу каби муаммолар ва уларнинг ечимида муҳим ўрин эгаллаган қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда электр таъминоти тизимига уланиш жараёнида ҳужжатларни кўриб чиқиш, келишиш ва ишларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилиши юзасидан кенг тушунчалар берилди.

“Ўзэнергоинспекция” Жиззах 
ҳудудий бўлими