2020 йил январь-апрель ойларида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбати ҳамда ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланди. Натижада жорий йилнинг I чораги давомида валюта курси 0,8 фоизга қадрсизланди (9501 сўм/доллардан 9577 сўм/долларгача), дейилади Марказий банк шарҳида

2020 йил март ойининг охирги декадасидан бошлаб савдо ҳамкорлар бўлган давлатлар валюталари девальвацияси таъсирида хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг девальвацион кутилмаларнинг ортиши, шунингдек, ички валюта бозорида талаб ва таклиф номутаносиблигининг юзага келиши натижасида жорий йилнинг апрель ойида миллий валюта 5,8 фоизга қадрсизланди.

2020 йил январь-апрель ойларида ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 2,7 млрд. АҚШ долларини (Марказий банкнинг интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойи кўрсаткичи даражасида бўлди.

Ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1,71 млрд. АҚШ доллари сотилиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даври даражасида бўлди.

Ушбу даврда Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта захираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилди. Жорий йил бошидан Марказий банк интервенциялари ҳажми 1,5 млрд. АҚШ долларига тенг бўлиб, мазкур даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида амалга оширилди.

2020 йилнинг январь-апрель ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 56 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 19 фоизни ташкил этди. 2019 йилнинг тегишли даврида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 55 ва 21 фоизга тенг бўлган.