Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190та давлатлари ичида 8-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон тарихида биринчи бор Топ-10 ликка кирди.

Мазкур рейтинг сўнги 16 йилдан буён дунёда энг қулай бизнес-муҳити яратилган мамлакатлар рейтинги эълон қилиб бормоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш ва инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг кўлами ва самарадорлиги нафақат мамлакатимиздаги инвестицион фаолликнинг ортиши билан, балки нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликлари томонидан берилаётган муносиб баҳо билан ҳам ўз исботини топмоқда.

Хусусан, сўнгги 5 йил давомида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, мамлакатимиз жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2018 йилда 76-ўринга кўтарилди.

“Бизнесни юритиш” рейтинги жами 10 та индикатор бўйича баҳоланади. Шулардан энг биринчиси бу – бизнесни рўйхатдан ўтказиш индикаторидир.

Биламизки, ҳар бир тадбиркорнинг ўз фаолиятини бошлаши учун қўядиган илк қадами тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтишдир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш 10 кунгача муддатда амалга оширилиб, 7 турдаги ҳужжатлар талаб қилинган.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, лекин 30 минутдан ошмаган вақтда амалга оширилиши белгиланди.

Натижада, 2018 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг эълон қилинган рейтинги бўйича мамлакатимиз бизнесни рўйхатдан ўтказиш индикатори бўйича 190 та мамлакатдан 12-ўринга муносиб деб топилди.

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор қарорлари қабул қилинди.

Мазкур қарорлар билан мамлакатимиз рейтингини яхшилаш бўйича “Йўл хариталар” тасдиқланиб, чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан:

- тадбиркорлик субъектларининг ягона реестридаги барча маълумотлари билан Интернет тармоғи орқали танишиб чиқиш имконияти яратилди;

- тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилди;

- муҳр ва штамплардан фойдаланиш талаби ҳамда тадбиркорлик субъектларининг устав фондига қўйилган минимал талаблар бекор қилинди;

- давлат рўйхатидан ўтказиш экстерриториал тамойил асосида йўлга қўйилди;

- хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг устав фондига бўлган минимал талаблар камайтирилиб, 400 млн. сўм этиб белгиланди;

- хорижий иштирокчининг фақат юридик шахс бўлишига доир талаб бекор қилиниб, уларнинг улуши 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилди.

Амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш” рейтингининг “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 4 поғонага кўтарилиб, 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади.